Руҳ - одам ва одамзот мия фаолияти (онг) билан боғлиқ ходиса бўлиб, у воқеликда уч шаклда намоён бўлади: а) индивид руҳи; б) об’ектив руҳ; в) об’ектлашган руҳ. Индивид руҳи фақат имконият даражасида авлоддан авлодга ўтиши мумкин. Масалан, авлодида ўғри, қотил, порахўр, қаллоб бўлмаган индивид онгига бундай ғайриинсонийлик руҳининг натижаси бўлган руҳнинг кириши ниҳоятда қийин бўлади. Зеро, одамлар орасидаги руҳий тафовут биологик тафовутдан кўра кўпроқ бўлади.Индивид руҳи (ёки индивидуал руҳ) об’ектив руҳ та’сирида, айниқса тарбия, та’лим, маориф, мафкура орқали ривожланиб, такомиллашиб боради. Индивид руҳи муайян бир жамоа (оила, меҳнат уюшмалари, расмий ва норасмий жамоалар) билан алоқадорликда воқеий бўлиб, у об’ектив руҳ мавжудлигини та’минлайди. Одатда тарихан эзгулик ва ёвузлик руҳи борлиги, у ҳар бир даврнинг ўзига хос ҳусусиятидан келиб чиққан ҳолатда намоён бўлишига э’тибор қаратилади. Индивидуал онгларда эзгулик руҳи етакчи майлга айланса, аксарият ҳолларда об’ектив руҳ (ижтимоий онг деб ҳам аталади) яратувчилик, бунёдкорлик томонга оғиб, ижтимоий ҳаёт чинакам инсоний тусгакиради ва жамият тараққиёти тезлашади; аксинча бўлса, я’ни индивидлар онгида ёвузлик руҳи устивор бўла борса ва у етакчи майл (тенденсия)га айланса, жамиятда вайронкорлик, ғайриинсоний фаолият ўзини яққол намоён этади. Бундай жамиятда адолат ўрнини разолат, ҳалоллик ўрнини ҳаромхўрлик руҳи эгаллаб, ижтимоий тараққиётга жиддий путур етади, ҳатто таназзул рўй беради.Агар индивид руҳини намоён этувчи айрим одамнинг психологик тузилиши бўлса, об’ектив руҳни муайян жамоа (оила, меҳнат уюшмалари, расмий ва норасмий гурухдар, халқ, миллат) гавдалантиради. Бу билан узвий боғлиқ ҳолда об’ектлашган руҳ вужудга келади. Об’ектлашган руҳ аввало тилда, миллат фаолиятида, сўнгра, фан, техника ва технологияда, адабиёт ва сан’ат асарларида, фалсафий ва диний та’лимотларда ўзини намоён қилади. Шу об’ектлашган руҳ орқали индивид руҳи ва об’ектив руҳ тарихан тобора такомиллашиб боради. Об’ектлашган руҳ, глобаллашув жараёнида, айниқса Ноосфера (Ақл соҳаси) даврида ўзини яққол намоён этмокда.Немис файласуфи Гегел мутлоқ (абсолют) руҳ борлиги ҳақида фикр юритади ва у моддий борлиқдан ҳоли соф руҳ сифатида намоён бўлади. Гегелнинг мутлоқ руҳи диний та’лиммотлардаги “худо” тушунчасига яқин келади.Диний та’лимотларда руҳ моддий, табиий асосдан ҳоли олиб қаралади ва оламнинг асоси, ҳатто борлиқнинг ўзига хос гавдаланиши ҳисобланади ҳамда у диний имон ва э’тиқоднинг негизи сифатида талқин этилади. Исломда бу руҳ Аллоҳда гавдаланиб, унинг йўл-йўриқларига қаттиқ риоя қилиб яшаган одам мусулмонга айланиб, эзгу ишлар ижодкори сифатида намоён бўлади, натижада ўз фаолиятининг оқибати сифатида бу - реал дунёда ва нариги - ўлимдан кейинги “абадий” дунёда ўз ажрига эга бўлади. Бошқа динларда ҳам об’ектив руҳ алоҳида номга эга бўлган худо ёки Олий руҳ образида гавдаланса, об’ектлашган руҳ мазкур динларнинг муқаддас китобларида гавдаланади, шу об’ектив ва об’ектлашган руҳ та’сирида одам мусулмон, христиан, буддавий, синтоист, иудаист ва бошқа ном билан аталадиган индивид қиёфасида ўзини намоён этиши мумкин.Демак, динларда индивид руҳи ўзи сиғинган динлардаги об’ектив ва об’ектлашган руҳ натижаси сифатида гавдаланади.
- Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.