[go: up one dir, main page]

Геоботаника

Геоботаника (гео… ва ботаника) — ер юзида ўсимлик жамоаларининг муҳит билан боғлиқ ҳолда жойланишини, таркибини ва тақсимланиш қонуниятларини ўрганадиган фан. У фитоценология, экология ва ўсимликлар географияси бўлимлардан иборат. Фитоценология тарихий тараққиёт жараёнида муайян ташқи муҳитга мослашган усимликлар тупламини ўзаро ва муҳит билан чамбарчас боғланган ҳолда ўрганади. Шундай қилиб, ташқи муҳит ўсимлик жамоасига ва ўз навбатида ўсимлик жамоаси ташқи муҳитга таъсир кўрсатади. Масалан, ўсимликлар тупроқдан озуқа моддалари ва сув олиб, ўсиш ва ривожланишга сарфлайди, ўсимликларнинг қуриб қолган қолдиқлари тупроққа тушиб, уни органик моддаларга ёки ҳар хил тузларга бойитади. Жамоани ташкил қилган ўсимликлар ўртасидаги мураккаб боғланишни ташқи муҳит (ёруғлик, намлик, ҳаво, озуқа моддалар)ни тасаввур этиб бўлмайди. Ўсимликлар жамоаси бир тур ёки бир неча тур ўсимликдан таркиб топади ва ҳар хил поғоналарни ҳосил қилади. Буни Ўзбекистон тоғларидаги ёнғоқзорларда ҳам кўриш мумкин: юқоридаги биринчи поғонани ёнғоқ дарахти, ундан пастки иккинчи поғонани олма ва дўлана, учинчи поғонани раъногул каби буталар, пастки тўртинчи поғонани эса ўтлар ташкил этади. Ўсимликлар жамоасида ҳукмронлик қилувчи (кўп учровчи) ўсимликка (турга) доминант (устун турувчи), бошқа ўсимликлар (турлар)га йўлдош ўсимликлар дейилади. Бир хил доминант ва унга йўлдош турларга эга бўлган ўсимликлар жамоаси ассоциацияни ҳосил қилади. Турлича муҳитда ўсадиган, фақат йўлдош турлари билан фарқланадиган ассоциациялар ўсимликлар формациясига бирлашади. Г.нинг энг юқори бирлиги ўсимликлар типи — бир-бирига ўхшаш формацияларни ўз ичига олади.

Адабиётлар

edit
  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил