Фирма
Фирма (инглизча: фирм — имзо) — корхона, компания, хўжалик ва тижорат ташкилотларининг умумий номи. Ходимлар сони, мулк шакллари, ҳуқуқий ҳолати ва бошқаларга кўра хилма-хил Фирмалар бор. Фирмаларда банд бўлган ходимлар сони 2—3 кишидан 20—30 минг кишигача бўлиши мумкин. Фирмалар барча мулк турлари негизида давлат, кооператив, ширкат, жамоа ташкилотлари ва махаллий давлат идоралари, миллий ва чет эллик юридик ва жисмоний шахслар томонидан ташкил этилади. Улар қуйидаги турларга ажратилади: аффилирланган (қўшилган) Фирма — филиал, шўъба корхона шаклида йирикроқ турдош бош корхона таркибида фаолият юритади; брокер Фирма — тижорат мақсадларини кўзлайдиган ва мижоз топшириғига кўра ва унинг ҳисобидан воситачи сифатида фаолият юритади; венчур Фирма — кичик ёки ўрта инвестицион Фирма ҳисобланиб, илмий тадқиқотлар ва муҳандислик ишланмаларини амалга оширади; инвестицион Фирма — инвестициялаш ва қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни ўтказади; инжиниринг Фирма муҳандисликмаслаҳат кўрсатишга ихтисослашади; инновацион Фирма — Фирманинг илмий тадқиқот ишлари натижалари базасида янги технологияларни яратиш учун барпо этилади; консалтинг Фирма — унинг фаолият соҳасини маслаҳат хизматлари кўрсатиш ташкил этади; ишлаб чиқариш Фирмаси — аниқ бир маҳсулотни тайёрлаш билан шугулланади; савдо Фирмаси — савдовоситачилик фаолияти билан шуғулланади; риэлтор Фирма — кўчмас мулк соҳасидаги амалларда қатнашади.
Ҳозирги иқтисодий ҳаётда Фирмаларнинг асосий қисми нисбатан кичик ва майда. Йирик Фирмалар нисбатан мустаҳкам ишлаб чиқариш, технологик ва хом ашё базасига эга бўлиб, халқаро меҳнат тақсимотида фаол иштирок этади, ўртача Фирмалар кооперацияланган ҳамда ихтисослашган қисмлар ва деталлар ишлаб чиқариш соҳасида, шунингдек, умумий технологик ва техник инфратузилма соҳасида фаолият кўрсатади. Майда Фирмалар, асосан, товарлар ишлаб чиқариш ва аҳолига хизмат кўрсатиш билан шугулланади.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг барча тармоқларида 236,4 мингга турли Фирмалар фаолият кўрсатди (2003).
Аҳмаджон Ўлмасов.
Яна қаранг
[edit | edit source]Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |